Ҳаёт нима деган саволга бир ёзувчи “бу эсда қоладиган дамлар”, деб жавоб берган экан. Тақдир тақозоси билан кўп йиллар давомида Ўзбекистон телевидениеси, О.Хўжаев номли Сирдарё вилоят театри ва Республика Ёш томошабинлар театрида бош режиссер вазифасида ишладим. Шу давр ичида Ўзбекистон Давлат  санъат ва маданият институтида сиртқи ва кундузги бўлимнинг “Телевидение режиссёрлиги”, “Санъатшунослик журналистикаси”, “Театршунослик” йуналишларида ўқиётган талабаларга дарс бериб келдим.

    Босиб ўтган умрим давомида жуда кўп санъат дарғалари билан учрашганимда, малака ошириш институтларида, халқ артисти Игорь Владимиров лабораториясида, Халқаро болалар ассоциацияси (АССЕГЕЖ) кенгашларида катнашганимда, хориж мамлакатларига сафарга чиққанларимда бир дунё таассуротлар билан қайтганман.

    Кундаликларимни варақлаб ўтирарканман, ўша муҳрланган онларнинг айримларини бир маржонга тергим келди, зора ёш талаба дўстларимга, санъатга ошуфта кўнгилларга кўмак бўлса, уларнинг ижодида, фаол турмуш тарзида ёрдам берса беҳад хурсанд бўлар эдим.